21 май куни Бухоро вилоят «Баркамол авлод» болалар марказида серқирра ижодкор Гулчеҳра Бону Қўлдошева ижодига бағишланган «Қалбим, ҳали ўзинг боласан!» деб номланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув шоира Гулчеҳра Бону ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, унда шоиранинг ўзи, яқин қадрдонлари ва шогирдлари ташриф буюришди. Тадбирда туман(шаҳар) “Баркамол авлод” болалар марказларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ахборот- ресурс маркази мутахассислари, маданий-оммавий тадбирлар ташкилотчилари, марказ педагог ва ишчи ходимлари ҳамда тўгарак аъзолар иштирок этишди. Ижодий учрашувда дастлаб шоиранинг ҳаёт ва ижод йўллари тақдимот асосида таништирилди. Сўнгра тўгарак аъзолари шоира қаламига мансуб ижод намуналаридан шеърлар айтиб беришди. Шоира фаолият юритадиган Бухоро Давлат қўғирчоқ театр актёрлари 2016-йилда Андижон шаҳрида бўлиб ўтган республика қўғирчоқ театрларининг Х-анъанавий кўрик фестивалида I-ўринга сазовор бўлган “Широқ афсонаси” номли спектаклни намойиш этишди.
Шоира юртбошимиз илгари сурган ташаббусларга асосланиб ёш авлодни китобхонликка, санъатга ва адабиётга даъват этди ва кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорчилик билдирди. Тадбир сўнгида “Тасвирий санъат” тўгараги раҳбари Салима Носирова томонидан шоира Гулчеҳра Бонуга атаб чизилган портретлари эсдалик совға сифатида тақдим этилди.